Беҳзод ОДИЛОВ, ЎзР ФА Ботаника институти катта илмий ходими, биология фанлари номзоди

photo_2020-06-13_16-48-04

Мамлакатимизда чорвачилик қишлоқ хўжалигининг етакчи соҳаларидан бири бўлиб, аҳолини асосий озиқ-овқат маҳсулотлари билан таъминлашда алоҳида ўринга эга. Ушбу тармоқнинг қишлоқ хўжалиги ялпи маҳсулоти ишлаб чиқаришдаги улуши 46,3 фоизни ташкил этади. 1991 йилдан буён мамлакатимизда қорамоллар сони қарийб 1,5 баравар кўпайган. Бу гўшт ва сут ишлаб чиқариш ҳажмини оширишда муҳим омил бўлди.

Бироқ юртимизда яйлов ерларидан фойдаланишда чорвачилик иқтисодиёти ривожланишига сезиларли даражада таъсир қилувчи омиллар ва бошқа қатор сабаблар туфайли пайдо бўлган ерлар деградацияси оқибатида кескин экологик вазиятлар ҳам вужудга келди. Бу яйловлардан фойдаланишнинг барқарор моделига ўтишни, яъни иқтисодий ва ижтимоий ривожланиш негизида яйлов ресурсларини инвестицияга йўналтирилган ҳолда улар имкониятини мустаҳкамлашни талаб этмоқда.

Замонавий яйлов чорвачилигида унинг хусусиятлари тўғрисида ахборотнинг етишмаслиги хўжалик чорвачилигини бошқаришда бир қатор камчиликларни келтириб чиқармоқда. Бу ўринда чорва молларини зарур мавсумда озуқага бой яйлов зоналарида боқиш, паст рентабелли, заҳарли ем-хашак ўтлари кўп бўлган ҳамда инқирозга мойил ва турғун шаклланмаган яйловлардан чекланиш ҳақида гап кетмоқда.

Президентимизнинг жорий йилнинг 31 январь куни республикамизнинг кўзга кўринган илм-фан намояндалари ва ёш олимлари билан математика, кимё, биология ва геология илм-фанини ривожлантириш масалаларида бўлиб ўтган учрашуви натижалари ҳамда Ўрмон хўжалиги давлат қўмитасининг қўллаб-қувватлаши асосида Ўзбекистон Фанлар академияси Ботаника институти олимлари республикамиз ўрмон фонди ерларидаги табиий яйлов ресурсларининг электрон-рақамли ва геоахборот тизимларига асосланган маълумотлар базасини яратишни бошлаб юборди. Бунинг учун Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги ерлари танлаб олинди.

Табиий савол туғилади: нима учун айнан Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги яйловларини инвентаризациялаш мақсад қилиб олинди? Албатта, бунга, биринчи навбатда, илмий ишларнинг қизиқарли жиҳатлари туртки бўлди. Қолаверса, Қорақалпоғистон Республикасида ҳудудининг кенглиги бўйича Мўйноқ тумани Қўнғиротдан кейинги ўринда туради. Майдони қарийб 4 миллион гектарни ташкил этиб, туманнинг асосий қисмини ўрмон хўжалиги тасарруфидаги ерлар ташкил этади.

ОРОЛНИ ЎЗ ҲОЛИГА ТАШЛАБ ҚЎЯ ОЛМАЙМИЗ!

Геоботаник олимларни энг кўп қизиқтирадиган жараён ўсимлик қопламида кечадиган ўз-ўзини тиклаш жараёнларини тадқиқ этиш ва унинг сирларини ўрганишдир. Орол денгизининг қуриган тубини табиатда ўз-ўзини тиклаш жараёнлари содир бўлаётган кенг майдон, деб айтиш мумкин. Экотизимнинг шаклланиш жараёнлари ва динамик тенденцияларини ўрганган ҳолда табиатдаги муҳим фундаментал қонуниятларни кашф қилиш мумкин.

Табиат шундай энтропия асосида ҳаракат қиладики, агар инсон табиатни “тинч” қўйса, антропоген таъсир натижасида экотизимда содир бўлган бирор-бир салбий ўзгаришлар ўз-ўзидан табиий жараёнлар асосида тикланиб боради. Агар Орол денгизи суви чекинган дастлабки ҳудудларга – Мўйноқ туманининг жанубий ва жануби-ғарбий қисмларига разм солсак, у жойларда муайян қонуниятлар асосида шаклланган турғун табиий ўсимлик жамоаларини кўриш мумкин ва бу жараёнлар ўта секинлик билан 30-40 йилда содир бўлади. Бироқ денгизнинг қуриган тубидан кўтарилаётган тузларнинг инсон саломатлиги ва қишлоқ хўжалиги экинларига кўрсатаётган доимий зарарли таъсирлари табиий тикланиш жараёнларини тезлаштириш учун инсон аралашуви зарурлигини белгилаб берди ва шу аснода денгизнинг қуриган тубида ўрмонзорлар барпо этиш ишлари жадал ташкил қилинмоқда.

“ЯЙЛОВ ХАРИТАСИ” БИЗГА НИМА БЕРАДИ?

Олиб борилаётган тадқиқотларда Орол денгизининг қуриган сатҳида турғун шаклланган ва шаклланишда давом этаётган яйлов хиллари устида узоқ муддатли мониторинг юритишнинг илмий асосларини яратиш ва Мўйноқ туманини яқин келажакда чорва маҳсулотлари ҳисобига ижтимоий-иқтисодий ривожлантириш чора-тадбирларини ишлаб чиқишда фойдаланиладиган электрон-рақамли геоахборот маълумотлар базасини шакллантириш асосий мақсад қилиб олинган.

Тадқиқотлар якунида Мўйноқ давлат ўрмон хўжалигининг электрон- рақамли яйловлар харитаси, яйловлар сиғими харитаси ва яйловлардан мавсумий фойдаланиш хариталарини яратиш ҳамда яйловлар кадастрини ишлаб чиқиш режалаштирилган.

Тўғри тузилган ва кўп ахборотлар сақловчи яйловлар харитасини инсоннинг йирик чорвачилик ишлаб чиқариш билан боғлиқ фаолиятини бошқариш ёки чорвачиликни шакллантиришни қулайлаштириш имкониятига эга ёрдамчи, деб аташ мумкин. Унда туман ўсимликлар қоплами ва яйловларининг замонавий ҳолати тўғрисида барча зарурий ахборотлар жамланади. 3 турдаги яйлов хариталари ахборотлашишига кўра комплекс рақамланган характерга эга бўлиб, ўзаро фарқланса-да, бир-бирини тўлдиради ҳам.

Ушбу хариталар яйловларда боқиладиган чорва молларининг бош сонини аниқлаш, озуқавийлик қиймати юқори бўлган яйлов контурларини белгилаш ва бундай ҳудудларда чорва молларини боқишни ташкил этиш, мавсумий боқи

ладиган ҳудудларни аниқлаш ва самарадор локализацияни таъминлаш учун қулайликлар яратади. Бу эса келажакда йирик чорва комплекслари ташкил этиладиган Мўйноқ туманида чорвачилик базасини кенгайтириш имкониятларини баҳолаш ва замонавий чорвачилик менежментини ташкиллаштиришда муҳим аҳамият касб этади.

МЎЙНОҚ ТАЯНЧ ҲУДУДГА АЙЛАНАДИ

Мўйноқ давлат ўрмон хўжалиги ҳудуди ниҳоятда кенг бўлиб, уни белгиланган муддатда анъанавий тадқиқот усуллари билан ўрганишнинг иложи йўқ. Шунинг учун тадқиқотларга Ерни масофадан зондлашнинг замонавий усуллари ва инновацион методларини қўллаган ҳолда ўрганиш лозим топилган. Бу усуллар мажмуаси бугунги кунда табиатда кечаётган ҳар қандай динамик жараёнларни ўрганишда қўл келмоқда.

Сунъий йўлдош маълумотлари алоҳида аҳамиятга эга. Улар ўзида ўсимлик қопламининг ҳолати тўғрисида кўпгина фойдали ахборотларни сақлайди. Бу маълумотлар орқали тарихий даврларга ҳам назар солиш имконияти мавжуд. Уларни тегишли дастурлар ва ўсимлик қоплами индекслари орқали қайта ишлаш асносида фойдаланувчи ўзига керакли бўлган натижаларни осон олиши мумкин. Бу тезкор усулларни қўллаш яйловшунос олимларга вақт ва маблағни тежаш ҳамда дала экспедицияларидан олдин ишончли маълумотларга эга бўлишда муҳимдир.

Сунъий йўлдош архив маълумотларининг дастлабки таҳлили натижаларидан шу нарса аниқ бўлдики, Мўйноқ тумани яқин келажакда мамлакатимиз яйлов чорвачилигининг таянч ҳудудларидан бирига айланади. Жумладан, 1990-2019 йиллар оралиғида Оролнинг қуриган тубида ўсимлик қопламининг пайдо бўлиш динамикасида уларнинг шаклланишига мойил зоналарнинг юзага келиши юқори ижобий тенденцияга эга экани кўринди. Энг қизиғи эса Возрождения ороли ва унга туташ ҳудудларда Ўрта Осиё қумли чўллари тарихий флорасини ўзида намоён қилган жузғунзор ва черкеззорларнинг, гипли чўлларини ўзида ифода этган шувоқзорларнинг пайдо бўлганлигидир. Оролнинг қуриган тубида бундай ўсимлик жамоаларининг пайдо бўлиши ҳудудда турғун ўсимлик қоплами шаклланиши жадал кетаётгани ва бунда туз бўронларини тутиб қолишда муҳим аҳамиятга эга бутазор ва дарахтзорларнинг устунлик қилишини англатади.

Сир эмас, сув ресурсларидан хўжасизларча, келажакни ўйламай фойдаланиш натижасида Оролқум саҳроси пайдо бўлди. Энди уни тиклаш имконсиз. Шунинг учун ҳозир Орол фожеаси салбий оқибатларининг атроф-муҳит ва инсон турмуш шароитига таъсирини камайтиришга асосий эътибор қаратилган. Оролбўйи ҳудудининг экологик инновациялар ва технологиялар зонаси, деб эълон қилиниши нафақат мамлакатимизда кўп йиллик тажрибалар асносида шаклланган иқтисодий ислоҳотларни, балки жаҳонда қўлга киритилган илмий ишланмаларни ҳам Орол фожеасидан кўпроқ зарар кўрган Мўйноқ тумани иқтисодий-ижтимоий инфратузилмасини яхшилаш ҳамда табиий экотизимларини қайта тиклаш жараёнларига сафарбар этишга туртки бўлди. Сўнгги йилларда Орол денгизининг қуриган тубида шўр ва иссиққа чидамли ўсимлик турларидан иборат ўрмонзорлар барпо этиш кўлами кенгаяётгани диқққатга сазовордир. Ушбу тадбирлар самараси ўлароқ, яқин йиллар ичида жаҳон хариталарида шўрхоклик ва ботқоқлик деб қайд этилган унумсиз денгиз тубида янги мослашувчан экотизим барпо бўлади. Бу эса, ишонамизки, инсоннинг “табиат олдидаги қарзини қайтариш”нинг энг олий кўриниши сифатида эътироф этилади.

Манба: Янги Ўзбекистон газетаси, 2020 йил 22 май, 89-сон