Илмий соҳада рақамлаштириш жараёни қандай кечмоқда?

Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ботаника институти директори, академик Комил Тожибоев билан институтнинг 80 йиллиги олдидан суҳбат.

Tojibayev_K

“Тан олиш керак, маъмурий ислоҳотлар концепциясида турли мажлислар, идоралараро комиссияларни қисқартириш белгиланган бўлса-да, ҳамон бу тартибга тўлиқ ўта олмаяпмиз. Ўртага қўйилган аксарият масалаларнинг ечимини ишчи гуруҳлар ташкил этиш, қўшимча топшириқлар белгилаш орқали эришишга ҳаракат қиламиз. Талабларимиз илмий ходимнинг бевосита вазифаси юзасидан, унинг, аввало, илмийлиги, натижаларининг янгилиги, рақобатбардошлигига қаратилган бўлиши лозим. Аксарият ҳолларда олимга бевосита фаолият йўналишидан чалғитадиган, унга мутлақо дахли бўлмаган топшириқлар бериш ҳолати камайгани йўқ. Тадқиқотчи илмий фаоллик даражасига кўра, баҳоланиши керак. Бироқ баъзан ижтимоий фаоллик баҳолаш мезони бўлиб қолмоқда”.

Қизилқум чўлининг қайноқ қумларидан то Ҳисор тоғ тизмасининг қорли чўққиларигача бўлган улкан майдоннинг ранг-баранглиги табиий флорамиздаги турларнинг хилма-хиллигига сабаб бўлувчи асосий омил вазифасини ўтайди. Бу — юртимизнинг миллий бойлиги, илмий тадқиқотларнинг битмас-туганмас манбаси. Ўзбекистон Фанлар академиясининг Ботаника институти айнан шу табиий флорани тадқиқ этувчи илмий тадқиқот муассасасидир. Марказий Осиёдаги энг йирик илмий муассасалардан бири ҳисобланадиган мазкур институт бу йил ўзининг 80 йиллигини нишонлайди. Институт директори, академик Комилжон Тожибоев билан суҳбатимиз муассасада олиб борилаётган илмий изланишлар ва янгиликлар хусусида кечди.

asd

— Аввало, Ботаника институтининг 80 йиллик тўйи ҳамда Ўзбекистон Миллий гербарийсининг 100 йиллиги билан қутлаймиз. Илмий жамоа бу санага қандай тайёргарлик кўрмоқда?

— Тўйга тўёна билан, деганларидек, институт жамоаси бугунги кунда ўзининг илмий ва амалий фаолиятини сарҳисоб этиб, келгуси ривожланиш босқичлари учун режалар тузмоқда.

Муассаса олимлари томонидан кўп жилдлик “Ўзбекистон флораси” китобининг янги нашри тайёрланмоқда. Мазкур лойиҳа кўлами ва фундаментал аҳамияти жиҳатидан Марказий Осиёда ягона ҳисобланади. Ҳозиргача ботаника соҳасида олиб борилган барча тадқиқотларнинг марказида 1941—1962 йилларда чоп этилган 6 жилдлик “Ўзбекистон флораси” нашри турган эди. Вақт ўтиши билан ўсимликлар тизимоти ва номенклатураси соҳаларида эришилган оламшумул янгиликлар, шунингдек, ўтган асрнинг 60-йилларидан бери Ўзбекистон ҳудудида бир неча юзга яқин ўсимлик турининг кашф этилиши, табиий ва антропоген омиллар таъсири остида рўй берган ўзгаришлар мамлакатимиз сарҳадларидаги табиий флора турлари таркибини танқидий нуқтаи назардан қайта кўриб чиқишни тақозо этди. Ҳатто мустақилликка эришганимиздан кейин ҳам бу борада тадқиқотлар олиб борилмагани соҳанинг оғриқли нуқтаси эди.

Бугунги кунга келиб, институт илмий салоҳиятининг ошиши, моддий-техник базанинг мустаҳкамланиши, хорижий алоқаларнинг кенгайиши каби омиллар бу фундаментал лойиҳани Марказий Осиёда биринчи бўлиб бошлашга имкон берди. Бунинг асосий сабаби — ўз имкониятига ишонч, илмий салоҳиятнинг мавжудлиги, Ўзбекистон Миллий гербарийси каби жаҳон миқёсидаги йирик коллекциянинг мавжудлигидир. Ушбу лойиҳанинг ўзига хос жиҳати эса халқаро ҳамкорликда бажарилаётганида яққол кўринади. Бироқ буни халқаро лойиҳа сифатида тушунмаслик керак. Унга Россия Федерацияси, Финляндия, Германиядаги илмий тадқиқот муассасаларининг дунёда етакчи ҳисобланган олимлари жалб этилган. Лойиҳанинг кўлами ва халқаро иштирокчилар сафи йил сайин кенгаймоқда. Хусусан, 2019 йилда лойиҳада иштирок этиш ва ҳисса қўшиш учун Жанубий Корея, Польша ва Россия олимларидан таклифлар келиб тушган эди.

Қолаверса, институтнинг энг асосий илмий ҳамкорларидан ҳисобланган Кунминг ботаника институти билан “Ўзбекистон флораси”нинг 10 жилддан иборат нашрини инглиз тилида чоп этиш борасида ҳам салмоқли ишлар бажарилмоқда.

— Бугун деярли барча соҳа рақамлашмоқда. Бутун дунёда ҳукм сураётган пандемияга қарши кураш бу жараённи янада тезлаштирди. Илмий соҳада рақамлаштириш жараёни қандай кечмоқда?

— Ботаника институтининг ҳозирги кундаги илмий фаолиятида йирик ҳажмли маълумотлар базасини яратиш, уларнинг таҳлили, мавжуд коллекцияларни рақамли форматга ўтказиш каби тадқиқотлар алоҳида ўрин тутади. Айтиш жоизки, бу борада салмоқли ютуқларга эришилган. Бироқ йирик ҳажмдаги ­маълумотлар базасини шакллантириш ва шу асосда замонавий тадқиқотларни йўлга қўйиш осон кечмаганини тан олиш керак. Дастлабки босқичларда илмий тадқиқот лойиҳаларини молиялаштириш кўлами торлиги, ботаник олимлар, ҳатто ёшлар орасида ҳам компьютер технологияларини яхши ўзлаштирган мутахассислар камлиги, қўйилган масаланинг аҳамиятини тўлақонли англамаслик каби ҳолатлар бу борадаги тадқиқотларнинг изга тушишига салбий таъсир кўрсатди. Бундан йигирма йиллар ортга қайтсак, маълумотлар базасини шакллантириш ва уларнинг таҳлили асосида келгуси тадқиқотлар йўналишини белгилаш, шу каби йирик халқаро базалар билан ҳамкорлик алоқалари ўрнатиш, биохилмахиллик объектлари бўйича кенг кўламли лойиҳаларни интеграция қилиш ҳам қўллаб-қувватланмаган. Аксинча, бу фан эмас, деган қарашдаги айрим ҳамкасбларимиз фикри устунроқ эди. Бироқ мавжуд қарама-қаршиликлар, тўсиқларга қарамасдан, мақсад сари илдамлашда давом этилди.

Бугунги кундаги вазият йирик маълумотлар базалари, рақамли форматга ўтказилган коллекциялар катта аҳамиятга эга эканини кўрсатмоқда. Дастлабки тадқиқотларимиз Марказий Осиёда табиий флора таркибининг бойлиги ва ўзига хос эндем турларининг сони билан алоҳида ажралиб турадиган Ғарбий Тиёншон флорасининг маълумотлар базасини яратишга қаратилди. Айнан шу лойиҳа мен раҳбарлик қилаётган олимлар гуруҳининг кейинги фаолиятига жуда катта ижобий таъсир кўрсатди. Ўзбекистон флораси билан боғлиқ бўлган ҳар қандай тадқиқот тури, жумладан, диссертациялар доирасидаги изланишларнинг таркибий қисми маълумотларни рақамли форматга ўтказиш, электрон базалар ­тайёрлаш билан уйғунлашиб кетди. Маълумотлар базалари эса кейинги тадқиқотларни белгилаш учун қулай таҳлил воситаси бўлиш билан бирга, барча давлат ташкилотларининг табиатни асраш, ундан оқилона фойдаланиш билан боғлиқ амалий фаолиятига мунтазам татбиқ этиб келинмоқда.

— Ботаника соҳасидаги тадқиқотлар самарадорлигини ошириш учун, сизнингча, дарҳол ҳал этилиши зарур бўлган қандай масалалар мавжуд?

— Йўл қўйилган хато ва камчиликларни ўрганиб, тегишли хулоса чиқариш келгуси ишларнинг самарасини таъминлайди. Эришилган ютуқлар қатори ечимини кутаётган масалалар ҳам йўқ эмас. Тан олиш керак, маъмурий ислоҳотлар концепциясида турли мажлислар, идоралараро комиссияларни қисқартириш белгиланган бўлса-да, ҳамон бу тартибга тўлиқ ўта олмаяпмиз. Ўртага қўйилган аксарият масалаларнинг ечимини ишчи гуруҳлар ташкил этиш, қўшимча топшириқлар белгилаш орқали эришишга ҳаракат қиламиз. Талабларимиз илмий ходимнинг бевосита вазифаси юзасидан, унинг, аввало, илмийлиги, натижаларининг янгилиги, рақобатбардошлигига қаратилган бўлиши лозим. Аксарият ҳолларда олимга бевосита фаолият йўналишидан чалғитадиган, унга мутлақо дахли бўлмаган топшириқлар бериш ҳолати камайгани йўқ. Тадқиқотчи илмий фаоллик даражасига кўра, баҳоланиши керак. Бироқ баъзан ижтимоий фаоллик баҳолаш мезони бўлиб қолмоқда.

— Бугунги кунда институтда қандай янги тадқиқотлар олиб борилаётир?

— Айни пайтда жадал ривожланаётган янги йўналишлардан бири табиий флорадаги ўсимлик турларини тўр тизимли хариталаш ҳисобланади. Ғарбий ва Марказий Европа мамлакатларида кенг қулоч ёзган бу тадқиқот йўналиши Марказий Осиё мамлакатлари орасида биринчи бўлиб айнан Ботаника институтида амалга оширилмоқда. Бу тадқиқотларнинг моҳияти шундаки, табиий шароитда флора таркиби ўрганилаётган ҳудуд 5х5 километрдан иборат квадратларга ажратилади. Тадқиқотлар давомида тўпланадиган барча маълумотлар шу квадратлар бўйича жамланади. Натижада биз нафақат умумлашган кўринишдаги ахборот мажмуасига, балки ҳар бир ажратилган квадратлар бўйича ҳар қандай илмий масалалар, жумладан, ўсимлик турларининг сони, зичлиги, замонавий ҳолати, флорани ташкил этган географик элементлар таркиби бўйича қатор саволларга жавоб олиш имкониятига ҳам эга бўламиз. Энг муҳими, бу маълумотларнинг барчаси рақамли форматда бўлиб, таҳлил ва режа учун қулай восита ҳисобланади.

Ҳозир нафақат йиғилган гербарий намуналари ёки дала сафарлари давомидаги қайдномалар, балки MaxEnt, DIVA GIS сингари янги ахборот дастурларини қўллаш орқали ҳудудларни башоратлаш ва улар асосида тадқиқотлар режасини тузиш, муҳофаза чораларини ­белгилаш, қўриқланадиган худудларни ташкил этишни режалаштириш ва камёб турларни сақлаб қолишда экотизимлар кўламида ёндашиш имконини бермоқда.

— Ботаника институти олдида турган асосий вазифалардан бири — мамлакатимиз сарҳадларидаги ўсимликлар хилма-хиллигининг давлат кадастрини юритиш жараёни хусусида ҳам тўхталсангиз.

— Биз бу тадқиқотлар давомида Ўзбекистондаги мавжуд флора ранг-баранглигини вилоятлар кесимида хатловдан ўтказишга қаратилган илмий ишларни бажарамиз. Тизимли равишда олиб бораётган саъй-ҳаракатларимиз самараси ўлароқ, Жиззах, Самарқанд, Қашқадарё, Навоий вилоятлари бўйича кадастр ишлари бажарилди. 2020 йили Бухоро вилояти бўйича изланишлар якунига етади ва 2021 йилдан бу каби изланишларни Тошкент вилоятида ўтказиш режалаштирилмоқда. Бунинг натижасида санаб ўтилган ҳар бир вилоят флорасидаги ўсимликларнинг кадастр рўйхати шакллантирилиб, камёб, йўқолиб бораётган турларнинг хариталари тайёрланмоқда.

Бу каби илмий фаолият кўламини кенгайтириб, Ўзбекистон флорасидаги доривор ўсимлик турлари бўйича интерактив атласни яратиш, табиий ҳолда ўсувчи доривор ўсимлик турлари захираларини харитага киритиш, табиатдан йиғиладиган турлар учун ажратиб олишнинг безарар ҳажмларини аниқлаш, Ўзбекистон Республикаси “Қизил китоб”ининг навбатдаги нашрларини тайёрлаш каби қатор илмий ишлар олиб борилмоқда.

Бу борада институт ёш олимларининг ўрни тобора мустаҳкамланаётганини алоҳида таъкидлаш зарур. Ҳозирги кунда қирқ ёшга тўлмаган ходимлар институтда фаолият юритаётган илмий ва илмий-техник ходимларнинг 77 фоизини ташкил этади. Баъзи хорижлик ҳамкасбларимизнинг таъкидлашича, институтдаги бугунги муҳит Жанубий Корея, Хитой Халқ Республикаси институтларидаги ҳолатни эслатади, яъни жамоа, асосан, ёш олимлардан иборат бўлиб бормоқда. Охирги уч йил давомида ишга қабул қилинган ёшлар илмий ва илмий-техник ходимларнинг 47 фоизидан ортиғини ташкил этди. Бу кўрсаткич Фанлар академияси тизимидаги энг юқори натижалардан бири бўлиб, қабул қилинаётган ёшларнинг асосий қисми мамлакатимиздаги олий таълим муассасаларининг биология йўналиши битирувчиларидир. Улар сафининг йил сайин кенгайишини институт илмий ютуқлари, илмий ҳамда амалий фаолиятининг юртимиз бўйлаб кенг тарғибот этилаётгани, ўсимликлар хилма-хиллигини тадқиқ этишга қизиқаётган ёш олимлар сони кўпаяётганининг даракчиси сифатида қабул қилиш мумкин.

“Янги Ўзбекистон” мухбири

Соҳиба МУЛЛАЕВА суҳбатлашди.

Манба: yuz.uz