Ботаника институти ва «UZLITI ENGINEERING» МЧЖ ҚК ўртасида тузилган шартнома асосида Ўзбекистон Республикасида АЭС 1-блоки ишчи ҳужжатларини ишлаб чиқиш учун Инженерлик-экологик тадқиқот дастурини амалга ошириш доирасида 2019 йилдан буён Жиззах вилоятида АЭС қурилиши мўлжалланган ҳудуд ўсимликлар оламини ўрганиш бўйича мониторинг тадқиқотлари амалга оширилмоқда.

Инженерлик-экологик тадқиқот дастури бўйича ботаник дала тадқиқотлари келажакда АЭС қурилиши мўлжалланган жойдан 30 км радиус ҳудудларда амалга оширилмоқда. Бунда, АЭС жойлашадиган регион асосий экоситемалари флораси таркибини ўрганиш, камёб ва эндем турлар популяцияларини аниқлаш ва уларнинг ҳолатини баҳолаш, қуруқлик, сув ва сув бўйи ўсимликлар қоплами ҳолатини баҳорги, ёзги ва кузги аспектларда кузатиш учун вегетация даври мобайнида учта экспедициялар уюштириш мўлжалланган.

Ўрганилаётган ҳудуд Жиззах вилоятининг Фориш, Ғаллаорол, Арнасой, Зафаробод ва Пахтакор туманлари ҳудудларини қамраб олган бўлиб, Қизилқумнинг жануби-шарқий қисмлари, Айдар-Арнасой кўллар тизимининг шарқий қирғоқлари, Мирзачўлнинг ғарбий қисмлари, Нурота тизмасининг марказий (Қўйтош тоғи билан биргаликда) ва уни тоғ олди ҳудудлари (Фориш дашти), Писталитоғ, Хонбандитоғ ва Эгарбелистоғ каби қолдиқ тоғ тизмаларини ўз ичига олади. Мониторинг ҳудуднинг денгиз сатҳидан баландлиги 240 метрдан 1905 оралиғида ўзгариб туради.

Жиззах вилоятига бўлган навбатдаги ёзги дала экспедицияси 2020 йилнинг 29 июнидан 06 июнигача амалга оширилди. Экспедицияда Ботаника институтининг Геоботаника ва ўсимликлар экологияси, Камёб ўсимликлар кадастри ва мониторинги, Микология ва альгология лабораторияси илмий ходимлари, «UZLITI ENGINEERING» МЧЖ ҚК ҳамда «O’zGASHKLITI»ДУК нинг амалий геодезия бўлими вакиллари иштирок этишди.

Дала тадқиқотлари давомида Ботаника институти ходимлари томонидан қуруқлик экосистемаларида жойлашган 42 та ва сув ва сув бўйи ҳудудларида жойлашган 14 та кузатув нуқталаридаги ўсимликлар қопламининг ёзги мониторинги амалга оширилди. Квадрокоптердан фойдаланилган ҳолда ҳар бир тест ҳудудларидаги ўсимликлар қоплами тасвирга олинди, геоботаник қайдлар амалга оширилди ва ўсимликлар қопламининг экологик ҳолати ва уларга таъсир этувчи антропоген омиллар баҳоланди. Радионуклидлар ва кимёвий ифлослантирувчи моддалар таркибини аниқлаш учун доминант тур ўсимликлар фитомассасидан намуналар олинди.

1

Экспедиция иштирокчилари (чапдан ўнгга): Адилов Б.А., Эргашев М.З., Хегай Л.И., Реймов П.Р., Бешко Н.Ю., Полвонов Ф.И., Холмуродова Т.Н., Халимжонов И.

2

Экспедиция лагери

3

Геоботаники и ўсимликлар экологияси лабораторияси мудири, б.ф.д., проф. Х.Ф. Шомуродов мониторинг станцияларидан биридаги ўсимликлар қопламини қайд қилмоқда

4

Камёб ўсимликлар кадастри ва мониторинги лабораторияси мудири, б.ф.н., катта илмий ходим Н.Ю. Бешко мониторинг станцияларидан биридаги ўсимликлар қопламини қайд қилмоқда

5

Ўз АЭС Атроф-муҳитга таъсирини баҳолаш лойиҳаси раҳбари Л.И. Хегай ва Геоботаника ва ўсимликлар экологияси лабораторияси катта илмий ходими, б.ф.н. Б.А. Адилов мониторинг станцияларидан бирида

6

Микология и альгология лабораторияси катта илмий ходими, б.ф.н. Т.Н. Холмуродова Тузкон кўли қирғоқларида жойлашган юксак сув ўсимликларини қайд қилмоқда

7

Ф.И. Полвонов

8

УзГАШКЛИТИ нинг амалий геодезия бўлими учувчисиз бошқариладиган қурилмалар гуруҳи инженери М.З. Эргашев

9

Тузкон кўли қирғоқларини қуш парвози баландлигидаги кўриниши

10

Тузкон кўли қирғоқларини қуш парвози баландлигидаги кўриниши

11

Исириқли-янтоқли-эфемерзор жамоасининг қуш парвози баландлигидаги кўриниши

12

Тузкон кўли қирғоқларида экспедиция иштирокчилари

Ушбу материал Н.Ю. Бешко ва Адилов Б.А. томонидан тайёрланди