Атроф-муҳитга антропоген омиллар салбий таъсирини кун сайин ортиб бораётгани ва яшаш муҳитларининг қисқариши биологик хилмахиллик объектларининг инвентаризацияси бўйича олиб борилаётган замонавий тадқиқотларнинг долзарблигини асослайди. Айнан бу борадаги изланишлар ўсимликлар хилмахиллиги, хусусан унинг эндемизм фракцияси, камёб ва йўқолиб бораётган турларини сақлаб қолишда катта аҳамиятга эга. Шунинг учун ҳам алоҳида мамлакатлар ёки йирик табиий географик худудларнинг флора таркибини хатловдан ўтказиш, маълумотларнинг электрон базаларини яратишга талаб ортиб бормоқда. Агар алоҳида мамлакатлар даражасида тузилган флора конспектлари маъмурий чегаралар доирасидаги маҳаллий ўсимликлар, хусусан миллий эндемларни сақлаб қолиш, табий флора ресурсларидан оқилона фойдаланишнинг илмий асосларини белгилаб берса, йирик табиий географик худудлар бўйича бу борадаги тадқиқотлар фундаментал характерга эга бўлиб, флористик мажмуаларнинг шаклланиш қонуниятлари, эндемизм ўчоқларини англашда катта аҳамиятга эга бўлади.
Мана шундай чуқур фундаментал ва айни пайтда катта амалий аҳамиятга эга бўлган йирик илмий асарлардан бири Фанлар академиясининг Ботаника институтида Жанубий Корея, Россия, Финляндия, Марказий Осиё мамлакатларинг бир қатор етакчи олимлари билан бирга яратилди. Академик К.Ш. Тожибаев ва бошқалар ҳаммуаллифлигидаги “Checklist of vascular plants of the Tian-Shan Mountain System” номли 607 саҳифадан иборат бўлган китоб жорий йилнинг февраль ойида Сеул шаҳрида нашрдан чиқди. Мазкур асарда биринчи маротаба Тиёншон тоғларининг Марказий Осиё қисмида ўсадиган ўсимлик турларининг тўлиқ таркиби келтирилган. Унда Қозоғистон, Қирғизистон, Тожикистон ва Ўзбекистон Тиёншон қисмида учрайдиган 116 ўсимлик оилаларига мансуб бўлган 4283 турнинг таркиби, замонавий номенклатураси, синонимлари, географияси ва эндемизм кўрсаткичлари бўйича маълумотлар келтирилган.
Ушбу асар табиий флора, ўсимликлар географияси ва систематикаси соҳаларида фаолият олиб бораётган олимларнинг узоқ йиллик меҳнатларининг самараси ҳисобланади. Уни тайёрлаш давомида бу йўналишларга оид бўлган бир неча юз илмий манбаларни чуқур таҳлили баробарида Тошкент, Олмаота, Бишкек, Москва ва Санкт-Петербург шаҳарларидаги йирик гербарий фондлари маълумотларни жалб этилган. Шунингдек, тадқиқот худуди бўйлаб узоқ йиллар давомида олиб борилган кенг кўламли илмий дала тадқиқотлари мавжуд маълумотларни бойитишга хизмат қилган.
Ўйлаймизки, бу асар дунёдаги мавжуд 36 та йирик биохилмахиллик ўчоқларидан бири бўлган Тиёншон тоғлари флораси бўйича маълумотларни умумлаштирган манба сифатида узоқ йиллар фан ривожи учун хизмат қилади.

